Лазер технологиялари ўнлаб йиллардан буён ривожланиб келмоқда. Фантастика оламидан ҳаётимизга кириб келган бу технология кундалик турмушимизда муқим ўрин эгаллади. Лекин бу соҳада бир йўналиш эътиборсиз қолиб келмоқда эди. Бу лазерли устаралар яратиш. Бахтимизга бу бўшлиқ ҳам тез орада тўлдирилади.
“Kickstarter” краудфандинг майдончасида “Skarp Laser Razor” деб номланувчи лазерли устарани ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа иш бошлади. Бунда устарада анъанавий металл тиғ ўрнига лазердан фойдаланилади.
Лазерли устара технологияси прототипини Калифорниядаги “Skarp Technologies” компанияси тақдим этди. Компания аъзолари уни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 160 000 доллар йиғишмоқчи (улар 500 минг доллар йиғиб бўлишди).
«Бир қарашда лазерли устара оддий устара билан бир хилдек кўринади. Лекин уларнинг кўриниши ўхшаш холос», — дейилади лойиҳага изоҳда.
«Биз тараққиётни истаймиз. “Skarp” устараси IPL (кучли ёруғлик тўлқини) технологияси асосида ишланган. Бу технологияни лойиҳа раҳбари Морган Густавссон 1986 йилда яратган ва бунда тиғ ўрнига юзни ўта силлиқ ҳолда тозаловчи лазер ишлатилади. “Skarp Razor” қуйидаги хусусиятларга эга:
Соқол олиш жараёнида юзни кесиб олиш ҳолати бўлмайди;
Ҳеч қандай инфекция тушмайди;
Тери ачишмайди ва қичишмайди;
Соқол олиш жараёни осон кечади;
Ҳеч қандай совун кўпиги ёки кремга ҳожат йўқ;
Ўта аниқ ва текис олади;
Сув деярли ишлатилмайди;
Экологик тоза маҳсулот».
Лазерли устара қандай ишлайди? “Skarp Technologies” ходимларининг аниқлашларича, барча турдаги тукларда хромофорлар (тук рангига жавоб берувчи ва электромагнит нурларни ютувчи атомлар)бўлади. Уларга лазер таъсир қилганида тук йўқолади.
“Skarp” алюминий қотишмасидан тайёрланган. Устара битта батарейкадан қувват олади ва ишлаб чиқарувчиларнинг айтишларича, батарейка қуввати бир ойга етади. Лазер захираси эса 50 минг соатни ташкил этади.
“Kickstarter” сайтида ушбу устара прототипи тасвирланган видеолавҳа билан танишиш мумкин.