Ҳозирда симсиз қувватлантириш ускуналари билан ҳеч кимни ажаблантира олмайсиз. Лекин смартфонни чўнтагингиздан олмасдан ҳам қувватлантиришга нима дейсиз? TechNovator компанияси қуват манбаидан бир неча метр наридан смартфонни қувватлантира оладиган “XE” деб номланувчи қурилмани ишлаб чиқди. Бу қурилмани атрофдаги гаджетларга электр энергияси тарқатувчи “қувват роутери” деб аташ мумкин.
Бунинг учун смартфонга “XE” билан боғланувчи махсус ғилоф кийдирилиши лозим, айнан мана шу ғилоф қувватни қабул қилади. Ҳозирда компания “iPhone 6” ва “iPhone 6 Plus” учун ана шундай ғилофларни ишлаб чиқарди, лекин келажакда бошқа моделлар учун ҳам ғилофлар тайёрлаш режалаштирилмоқда. Ғилофнинг қалинлиги 3 миллиметрга тенг.
“XE” қурилмаси “резонанс электромагнит майдони” тамойили асосида ишлайди. Никола Тесла 1894 йилда резонанс трансформаторни ишга туширган. Электр қуввати резонанс режимда ишловчи икки ғалтак орасида узатилади. Радиоприёмник ва Wi-Fi ҳам шу тамойил асосида ишлайди, фақат уларнинг частоталари бошқача холос.
Қувватлантирувчи қурилма роутер ҳамда ғилофдан иборат бўлиб, “App Store”дан “XE”ни тўғри созлайдиган расмий иловани смартфонга юклаб олишингиз керак бўлади. Бу илова орқали смартфонни қайси вақтда зарядлаш лозимлигини белгилаб оласиз. Смартфонни 5 метргача масофадан қувватлантириш мумкин.
Агар электр узатиш роутеридан узоқроққа кетсангиз, қувватлантириш тезлиги пасаяди. Смартфон қувват манбаидан 2 метргача узоқликда бўлса, тахминан 4 соатда 100 фоиз қувват олади. Бир вақтнинг ўзида тўрттагача смартфонни қувватлантириш мумкин. Қурилма бир йил давомида текширувдан ўтказилди ва мутахассислар унинг инсон саломатлигига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмаслигига ишонч ҳосил қилишди.
Симсиз қувватлантириш қурилмалари устида “Energous” ва “Ossia” компаниялари ҳам иш олиб боришмоқда. Лекин фақат “TechNovator” компаниясигина сотувга чиқаришга тайёр маҳсулотни намойиш этди. Қурилманинг тахминий нархи ҳозирча 200 доллар бўлиши режалаштирилган.